Сарбон университетида жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьялари талабалар билан ҳуқуқий-маърифий учрашув ўтказди.
Унда жамиятда долзарб аҳамият касб этаётган зўравонлик, гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, бугунги кунда тарқалаётган синтетик наркотик моддаларнинг хавфли хусусиятлари, уларнинг инсон организми ва руҳиятига етказадиган зарари, интернет тармоқлари орқали ёшларни гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга жалб қилиш ҳолатлари ҳамда бундай жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Талабаларга зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан чекланмаслиги, балки руҳий босим, таҳқирлаш, қўрқитиш, таъқиб қилиш, камситиш ва шахснинг қадр-қимматини камситувчи бошқа хатти-ҳаракатларда ҳам намоён бўлиши тушунтирилди.