Олий суд Раёсатининг 2026 йил 21 августдаги
РС-29-26-сонли қарорига

ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида
тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича
суд амалиёти обзори

 

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг
29-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2018 йил
27 июлдаги “Суд амалиёти обзорларини тайёрлаш ва эълон қилиш тўғрисида”ги РС-44-18-сонли қарорининг 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан
2026 йилнинг биринчи ярмида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори тайёрланди.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанциясига 2026 йилнинг биринчи ярми давомида жами 4 487 та (шундан 577 таси ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган) шикоят (протест) келиб тушган бўлиб, шундан 955 таси ёки 21,3 фоизи қайтарилган, 565 таси ёки 12,6 фоизи судлов ҳайъатига ўтказилган, 2 686 таси ёки 59,9 фоизи судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган, 281 таси ёки 6,2 фоизи ҳисобот даврининг охирида қолдиқда қолган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 461 нафар шахсга нисбатан 397 та жиноят иши (материал) кўриб тамомланган. Шундан 233 нафар (50,5 %) шахсга нисбатан 204 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 86 нафар (18,7 %) шахсга нисбатан 72 таси бекор қилинган (24 нафар (6 %) шахсга нисбатан оқлов, 16 нафар (3,3 %) шахсга нисбатан янги айблов ҳукми чиқарилган, 46 нафар (10,5 %) шахсга нисбатан суд қарорлари бошқа асосларга кўра бекор қилинган), 142 нафар (30,5 %) шахсга нисбатан 121 та суд қарорлари ўзгартирилган (шу жумладан 57 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари моддий зарар қоплангани сабабли).

Олий суд тафтиш инстанциясида кўрилган жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг деярли ярми ўзгартирилгани (30,5 %) ёки бекор қилингани (18,7 %) вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни апелляция (кассация) ва тафтиш тартибида кўриш сифати талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Бундай салбий кўрсаткичлар шаклланишига, Олий суд тафтиш инстанциясида:

Ҳарбий суд (52,4 %), Қорақалпоғистон Республикаси (35,7 %),
Тошкент шаҳар (30 %) ва Сурхондарё (27,3 %) вилоят судлари қарорларининг бекор бўлиш (таққослаш учун Наманган вилоят судлари қарорларининг
3,4 фоизи бекор қилинган)
;

Қашқадарё (57,1 %), Навоий (53,3 %) ва Андижон (36 %) вилоят судлари қарорларининг ўзгариш (таққослаш учун Бухоро вилоят судлари қарорларининг 4 фоизи ўзгарган) кўрсаткичи бошқа ҳудуд судларига нисбатан бир неча баробар юқори бўлгани асосий таъсир кўрсатган.

Таҳлил даврида судлов ҳайъати томонидан тафтиш инстанцияси судида
24 нафар шахснинг оқлангани, қуйи инстанция судлари:

– далиллар ва тарафларнинг важларини синчковлик билан текширмаётгани;

– ишда мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаётгани;

– ҳақиқатни аниқлаш ва айбсизлик презумпцияси каби
Жиноят-процессуал қонунчилиги принципларига лозим даражада риоя қилмаётганини кўрсатмоқда.

Шу каби, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида 740 нафар шахсга нисбатан 708 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланган.

Иш кўриш натижаларига кўра, 438 нафар (59,2 %) шахсга нисбатан 414 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган бир пайтда, 142 нафар (19,2 %) шахсга нисбатан 142 таси бекор қилинган (шундан 54 нафар (38,1 %) шахснинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломати йўқ деб топилган), 160 нафар (21,6 %) шахсга нисбатан 152 таси ўзгартирилган.

Тафтиш инстанцияси судида кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан 19,2 фоиз суд қарорлари бекор қилинган бўлса-да, ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломати йўқ деб топилган шахслар сони (54 нафар) ўтган йилнинг мос даврига (117 нафар) нисбатан 63 нафар
ёки 116,7 фоизга камайган.

Бироқ, ўтган йилнинг биринчи ярмида 149 нафар (13,8 %) шахсга оид суд қарорлари ўзгартирилган бир вазиятда, жорий йилда ушбу кўрсаткич
160 нафарни ташкил этган ҳолда, 7,4 фоизга ошгани (11 нафар) ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича ҳам айрим ҳудудларнинг суд қарорлари барқарорлигини таъминлаш юзасидан зарурий чоралар кўришни тақозо этмоқда.

 

Хусусан, таҳлил даврида Олий суд тафтиш инстанциясида суд қарорларининг:

бекор бўлиш кўрсаткичи нисбатан юқори бўлган Андижон (36,4 %), Фарғона (29,7 %) ва Тошкент (29,2) вилоят судлари (таққослаш учун Самарқанд вилоят судлари қарорларининг 10 фоизи бекор қилинган);

ўзгариш кўрсаткичи нисбатан салбий бўлган Навоий (44,4 %)
ва Қашқадарё (31,5 %) вилоят судларининг (таққослаш учун Фарғона вилоят судлари қарорларининг 5,4 фоизи ўзгарган) мазкур тоифадаги ишларни кўриш сифатини ошириш юзасидан қатъий чоралар кўриш лозим.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўриб тамомланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар таҳлилига кўра, қуйи судлар томонидан асосан:

– ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик
(8 нафар шахс асоссиз маъмурий жавобгарликка тортилган);

– транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши
(3 нафар шахс асоссиз маъмурий жавобгарликка тортилган) билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ишларини кўришда;

– маъмурий жазо қўллаш муддатларига (6 нафар шахсга оид суд қарорлари маъмурий жазо қўллаш муддатлари ўтгани сабабли бекор қилинган) баҳо беришда бир қатор жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Қуйида тафтиш инстанцияси томонидан суд қарорларининг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига сабаб бўлган айрим мисоллар келтирилади:

Зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган қилмиш, агар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.

 

Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судининг 2025 йил 17 январдаги ҳукмига кўра, Н. ва Ш. Жиноят кодекси 105-моддаси иккинчи қисмининг “и, м”-бандлари билан жарима жазосига судланган.

Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 15 апрелдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб,
Н. ва Ш. Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан тайинланган жазодан озод қилинган.

Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 17 июлдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Н. ва Ш. 08.08.2024 йилда яшаш хонадони олдида безорилик ҳаракатларини содир этаётган М.нинг олдига чиқиб, у билан жанжаллашган ҳолда унинг юз ва бош қисмига зарба бериб, ўртача оғир шикаст етказган.

Биринчи, апелляция ва тафтиш инстанцияси судлари ушбу қилмишнинг содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларга етарли даражада баҳо бермасдан, қолаверса ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпцияси каби Жиноят-процессуал қонунчилиги принципларига риоя қилмаган ҳолда
Н. ва Ш.ни жиноят содир этишда айбли деб топган.

Олий суд Пленумининг “Ижтимоий хавфли тажовузлардан
зарурий мудофаа ҳуқуқини таъминловчи қонунларни судлар томонидан қўлланиши ҳақида”ги 39-сонли қарорида, тажовузнинг характери
ва хавфлилик даражасига бутунлай мувофиқ бўлмаган мудофаани ва бунинг оқибатида тажовузчига ҳеч қандай заруриятсиз Жиноят кодексининг
100 (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш),
107-модда (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш)ларида назарда тутилган қасддан зарар етказилсагина зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Олий суд тафтиш инстанцияси судида текширилган видеоёзувда
М. воқеа содир этилган куни соат 00:30 ларда Н. ва Ш.нинг яшаш уйи олдига қўлидаги пичоқ билан бориб, маҳалла аҳолиси ухлаб ётганига қарамасдан баланд овозда ҳақоратли сўзларни айтиб, уйнинг дарвозасини қаттиқ уриб, атрофдаги бошқа фуқароларнинг эътиборини тортиб, уларнинг осойишталигини бузиб, қўлидаги пичоқни намойиш қилиб, Н.нинг уйидан чиқишини талаб қилиб, талаби бажарилмагач:

– уйнинг дарвозаси олдида турган Н.га тегишли автомашинанинг
олд ва ён ойналарини тош билан синдириб, автомашинанинг ўтиргичини ёқиб юборгани;

– унинг безорилик ҳаракатларини олдини олиш чорасини кўрмоқчи бўлган Н. ва Ш.ни уриб-дўппослаб, қўлидаги пичоқ билан Ш.га, қўллари билан Н.га енгил шикаст етказгани қайд этилган.

Бундай ҳолатда М.нинг тажовузкор ҳаракатлари оқибатида
Н. ва Ш. ўзининг соғлиғи ва мулкини ҳимоя қилган.

Юқоридагиларга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 18 мартдаги ҳукмига кўра, суд қарорлари бекор қилиниб, Н. ва Ш. қилмишида Жиноят кодекси 105-моддаси
иккинчи қисмининг “и, м”-бандлари билан боғлиқ жиноят таркиби бўлмагани сабабли оқланган.

 

1-1112-2401/259-сонли иш

 

Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

 

Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2025 йил
6 февралдаги ҳукмига кўра, Э.га Жиноят кодекси 241-моддасининг биринчи қисми билан 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 7 апрелдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 13 июндаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Э. 2024 йил 13 август куни таниши Н. билан маҳалла биносининг ёнида бир неча шахслар жанжал қилиб, бақираётганини эшитиб, биргаликда воқеа жойига боришган ҳамда судланган Д.дан маҳалла кўчасида автомашинаси тўхтаб қолган С.ни қасддан уриб ўлдирилганини эшитиб, ушбу ўта оғир жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермасдан, яшаш уйига қайтиб кетган.

Жиноят-процессуал кодексининг:

– 22-моддасига кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим;

– 463-моддасига кўра, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Биринчи инстанция суди ишда мавжуд далилларга етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, Э.га нисбатан айблов ҳукмини чиқарган.

Апелляция ва тафтиш инстанция судлари ҳам биринчи инстанция судининг камчиликларини бартараф қилмасдан, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Иш ҳужжатлари ва тафтиш инстанцияси судида аниқланган ҳолатларга қараганда, Э. жанжал тугаганидан сўнг воқеа жойига етиб борган, у боргунга қадар у ерда жабрланувчи Б. ва гувоҳ Ғ. бўлиб, жабрланувчи Б. тез тиббий ёрдамга, Ғ. эса маҳалла раисига хабар берган бўлган.

Шунингдек, гувоҳ Ғ. хабар бергандан сўнг воқеа жойига дастлаб маҳалла раиси, сўнг Тез тиббий ёрдам бўлими ва ИИБ ходимлари етиб келишган.

Иш бўйича барча жабрланувчи ва гувоҳлар ҳам жанжал бўлаётган вақтда Э.ни кўрмагани ҳақида кўрсатув берган.

Бундай ҳолатда Э.нинг ҳаракатларини жиноят ҳақида хабар бермаган ёки уни яширган деб баҳолаб бўлмайди.

Юқоридагиларга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 4 июндаги ҳукми билан суд қарорлари бекор қилиниб, мазкур жиноят иши жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли Жиноят-процессуал кодекси 83-моддасининг 1-бандига асосан тугатилиб,
Э. оқланган.

 

1-1413-2401/455-сонли иш

 

Шу каби, жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг 2025 йил
7 мартдаги ҳукмига кўра, З.га Жиноят кодекси 105-моддасининг биринчи қисми ва 118-моддаси иккинчи қисмининг “б”-банди билан
8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 25 июндаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, З.нинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 118-моддаси иккинчи қисмининг “б”-бандидан ушбу модданинг биринчи қисмига қайта малакаланиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 5 ноябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг ҳукмига кўра, З. 28.09.2024 йил соат 22:00 ларда танишлари
М., Д. ва И. билан бирга ўтириб, спиртли ичимлик истеъмол қилган хонадонда М.нинг маст ҳолатда эканлигидан фойдаланиб, зўрлик ишлатиб, қўрқитиб,
у билан бир маротаба жинсий алоқа қилган ҳамда кейинчалик у билан ўзаро ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, М.нинг чап умров суяги ва бошқа соҳаларига бир неча маротаба уриб,
унга “ўртача оғирликдаги” тан жароҳати етказган.

З.нинг номусга тегиш жиноятини содир этмаганини тасдиқловчи
бир нечта видеотасвирлар тақдим этиб келинган бўлса-да, дастлабки тергов органи ҳамда судлар ушбу далилларга етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, фақатгина жабрланувчи М.нинг кўрсатмаларига асосланиб, З.ни
Жиноят кодекси 118-моддаси билан боғлиқ жиноятни содир этган деб топган.

Тафтиш инстанцияси судида жиноят ишига илова қилинган видеотасвирлар ўрганилганда жабрланувчи М. бир қатор ҳолатларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатувлар бергани аниқланган.

Хусусан у дастлабки тергов, биринчи ва юқори инстанция судларидаги кўрсатувида:

– гўёки З. унга зўрлик ишлатган ҳолда ўзининг яшаш уйига олиб кириб, мажбурлаб спиртли ичимлик истеъмол қилдириб, номусига текканини билдирган бўлса-да, аслида М.нинг ўзи З.га қўнғироқ қилиб, у ва дугонаси
Д. кўчада кутиб туришини, келиб, уларни олиб кетишини сўраган;

– ёки бир рюмкадан спиртли ичимлик ичгани, бошқа ичмаганини билдирган бўлса-да, видеотасвирда “З. ака ароғингиз қолмабдику, олиб келинг” дегани тасвирланган.

Энг асосийси, бир қатор видеотасвирларда жабрланувчи М.нинг
ўз хоҳишига кўра З. билан жинсий алоқада бўлгани, агар мажбурлаб
у билан жинсий алоқада бўлганида, устидан ёзиши мумкинлиги, битта жинсий алоқа қилдириб, кейин эса мажбурлаб қилди деб айтиб экспертизадан ўтса, унинг гапи ўтиши ва бошқа ўзаро туҳмат қилиш билан боғлиқ суҳбатлар мавжудлиги аниқланган.

Оқибатда, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 4 июндаги ажримига кўра, суд қарорлари ўзгартирилиб, З. ҳаракатларида номусга тегиш жинояти аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли Жиноят кодекси 118-моддаси иккинчи қисмининг “б”-банди билан оқланган.

 

1-1414-2401/226-сонли иш

 

Қонуннинг орқага қайтиш кучи инобатга олинмасдан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган шахсга оид суд қарорлари ўзгартирилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2024 йил 18 июлдаги ҳукмига кўра, С. Жиноят кодекси 127-моддасининг учинчи қисми
ва 169-моддаси тўртинчи қисмининг “а” банди билан 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазони “қаттиқ” тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 3 мартдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 8 сентябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгартирилиб, С. Жиноят кодекси 34-моддаси учинчи қисмининг “а”-бандига асосан “ўта хавфли рецидивист” деб топилиб, жазони “махсус” тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Жиноят кодекси 34-моддаси учинчи қисмининг “а”-бандига кўра, илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.

Бироқ, вилоят тафтиш инстанцияси суди С. томонидан муқаддам содир этилган жиноий қилмишларга етарли ҳуқуқий баҳо бермагани оқибатида уни асоссиз “ўта хавфли рецидивист” деб топган.

Чунки, С. муқаддам жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2015 йил 1 июлдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 267-моддаси иккинчи қисмининг “б”-банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса-да, жиноят содир этилган пайтда ушбу жиноий қилмиш оғир жиноятлар тоифасига кирган.

Фақатгина 2016 йил 26 декабрдан эътиборан, Жиноят кодекси
267-моддаси иккинчи қисмининг санкциясига ўзгартириш киритилиб, ушбу жиноят таснифи ўта оғир жиноятлар тоифасига киритилган.

Тафтиш инстанцияси суди С.ни “ўта хавфли рецидивист” деб топишда Жиноят кодекси 13-моддасининг учинчи қисми талаби, яъни қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмаслигини эътибордан четда қолдирган.

Натижада, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 24 февралдаги ажрими билан Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажрими ўзгартирилиб, С.ни “ўта хавфли рецидивист” деб топиш ҳамда жазони “махсус” тартибли колонияларда ўташни белгилаш қисми бекор қилинган.

 

1-2103-2402/103-сонли иш

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик фактини тасдиқловчи далиллар қонун талабларига зид равишда расмийлаштирилган иш тугатилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг 2026 йил 8 январдаги қарорига кўра, Н.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
136-моддасининг биринчи қисми билан 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 11 250 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2026 йил 27 апрелдаги қарори билан қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг қарорига кўра, Н. 2025 йил 29 июль куни соат 12:07 ларда транспорт воситасини бошқариб келаётганида, ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, ундан алкоголли ичимликдан, мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтиш сўралганида, текширувдан ўтишдан бўйин товлаган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг:

– 8-моддасида, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонунчиликда белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилиши;

– 307-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс): маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги белгиланган.

Бироқ, иш ҳолатларига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни расмийлаштирган орган мазкур қонун талабларига риоя қилмаган.

Биринчи ва кассация инстанцияси судлари ҳам маъмурий орган томонидан йўл қўйилган қонунбузилишларга етарли даражада баҳо бермасдан, Н.ни маъмурий жавобгарликка тортган.

Хусусан, Н.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги электрон баённома 2025 йил 29 июлда расмийлаштирилган бўлсада, тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлагани ҳақидаги далолатнома бир кун олдинги сана билан, яъни 2025 йил 28 июлда расмийлаштирилган.

Қолаверса, ушбу далолатномада Н.нинг “алкотестер”га пуфлагани
ёки ундан бош тортгани ёхуд текширув натижаларига эътироз қилгани қайд этилмаганидан ташқари, далолатномани имзолаган икки нафар холисдан бири Н.нинг автомашинаси жойлаштирилган жарима майдончасининг директори Ш. экани исботланган (Ш. ўзининг тушунтириш хатида буни тан олган).

Бундай ҳолатда холис Ш. жарима майдончасига киритилган транспорт воситаси сақланган ҳар бир кун учун амалга ошириладиган тўловдан манфаатдор ҳисобланади.

Мазкур ҳолатлар Н.нинг уни ЙПХ ходими тўхтатган жойда умуман холис бўлмагани, ҳужжатлар жарима майдончасига борганда расмийлаштирилгани ҳамда ишда холис бўлиб қатнашган Ш. шу жойда тегишли ҳужжатларни тасдиқлаб имзолаганини кўрсатади.

Юқоридагиларга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 4 июндаги қарорига кўра, суд қарорлари бекор қилиниб, Н.га нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 271-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

3-1801-2503/8586-сонли иш

 

Шахснинг соғлиги туфайли ҳуқуқбузарлик факти инкор этилган ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилиши лозим.

 

Тошкент вилояти МАБ инспекторининг 2025 йил 3 июндаги қарорига кўра, И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 125-моддасининг
биринчи қисми
билан базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми,
яъни 187 500 сўм жарима
га тортилган.

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг 2025 йил 1 июлдаги қарорига кўра, қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 29 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорига кўра, И. 2025 йил 24 майда автотранспорт воситасини
хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан бошқарган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарорининг 9-бандида, ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар
(Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда) хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилиши белгиланган.

Иш ҳужжатларига кўра, И. 2-гуруҳ ногирони ҳисобланиб, муддатсиз берилган тиббий маълумотномасида, унда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш, стенокардия ташхиси қўйилгани, ушбу касалликлар хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар турига кириши кўрсатилган.

Шунга қарамасдан, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари ҳуқуқбузарнинг соғлиғи ҳақидаги важларига эътибор қаратмасдан, маъмурий органнинг қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Шунга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 13 мартдаги қарорига кўра, барча қарорлар бекор қилиниб, И.га нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 271-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

 

3-1-1116-2503/1233-сонли иш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтига келиб,  маъмурий жазо қўлланиш муддатлари ўтиб кетган бўлса, ҳуқуқбузарлик иши тугатилиши лозим.

 

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2025 йил 14 августдаги қарорига кўра, Ҳ.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
61-моддасининг биринчи қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг
1 баравари миқдорида, 375 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 13 октябрдаги қарори билан қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг қарорига кўра, Ҳ. Қоракўл тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи ҳисобидаги узунлиги 8.5 метр бўлган 5 дона темир трубаларни ўзбошимчалик билан олиб кетиб, давлат мулкини оз миқдорда талон-торож қилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 36-моддасига кўра, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Биринчи ва кассация инстанцияси судлари юқоридаги қонун талаби асосида ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтни аниқлаш чораларини кўрмагани оқибатида, Ҳ.га нисбатан асоссиз маъмурий жазо қўлланилган.

Тафтиш инстанция судида Ҳ. юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини 2024 йилнинг июнь ойида содир этгани аниқланган бўлиб, ишни кўриб чиқиш пайтига келиб, маъмурий жазо қўллашнинг бир йиллик муддати ўтиб кетган бўлган.

Шунга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 12 мартдаги қарорига кўра, суд қарорлари бекор қилиниб, Ҳ.га нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 271-моддасининг 7-бандига асосан тугатилган.

 

3-2010-2502/1565-сонли иш

 

Жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати

Олий суд Раёсатининг 2026 йил 21 августдаги
РС-30-26-сонли қарорига

ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида

тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича

суд амалиёти обзори

 

 

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг
29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2026 йилнинг биринчи ярмида тафтиш инстанциясида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори тайёрланди.

Шу даврда судлов ҳайъатига 3 152 та тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган, шундан 480 таси қайтарилган, 160 тасини иш юритишга қабул қилиш ва 1 157 тасини судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган, 249 таси тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 79 тага ёки 32 фоизга кўпайган (2025 йилнинг биринчи ярмида 170 та кўрилган).

Олий суд тафтиш инстанциясида кўрилган фуқаролик ишлари ҳудудлар кесимида: Тошкент шаҳрида 83 та, Қашқадарё 26 та, Тошкент вилоятида
25 та, Самарқандда 24 та, Фарғонада 22 та, Наманганда 12 та, Сурхондарёда 11 та, Қорақалпоғистон Республикасида 10 та, Бухоро
ва Хоразмда 9 тадан, Андижон, Навоий ва Сирдарёда 5 тадан ҳамда Жиззахда 3 тани ташкил қилган.

 

 

Кўриб тамомланган 249 та фуқаролик ишларининг 95 таси (38,1 фоизи) бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 37 таси (14,8 фоизи) бўйича
суд қарорлари ўзгартирилган, 109 таси (43,7 фоизи) бўйича суд қарорлари бекор қилинган, 7 та (2,8 фоиз) тафтиш шикояти иш юритишдан тугатилган ҳамда
1 та (0,4 фоиз) тафтиш шикояти кўрмасдан қолдирилган.

Суд қарорлари бекор қилинган 109 та ишларнинг 74 таси бўйича янги қарор қабул қилинган, 25 та суд ҳужжатлари янгидан кўриш учун қуйи инстанция судлари (12 таси апелляция, 4 таси кассация инстанциялари)га юборилган, 2 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган, 5 та иш бўйича
иш юритиш тугатилган, 2 та фуқаролик иши бўйича юқори инстанция ажримлари бекор қилиниб, биринчи инстанция суд ҳужжатлари ўз кучида қолдирилган.

 

 

Суд қарорлари бекор қилинган ва ўзгартирилган ишлар ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида 47 та, Қашқадарёда 19 та, Тошкент вилоятида 16 та, Фарғонада 15 та, Самарқандда 13 та, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари
ва Қорақалпоғистон Республикасида 6 тадан, Бухорода 5 та, Навоийда 3 та, Андижон ва Сирдарёда 2 тадан ишларни ташкил этган.

Суд қарорлари ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига Ўзбекистон Республикасининг Ер, Уй-жой, Меҳнат, Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал кодексларида белгиланган нормаларнинг нотўғри талқин қилинганлиги
ва (ёки) нотўғри қўлланилганлиги сабаб бўлган.

 

 

Процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти

 

Вакилга берилган ишончномада махсус ваколат назарда тутилмаган бўлса, унинг тафтиш тартибидаги шикоятдан воз кечиши қабул қилинмайди ва иш юритишни тугатиш учун асос бўлмайди.

 

Миробод туман прокурори даъвогар М. манфаатида жавобгарлар
“Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига нисбатан чегирма пулларини ундириш ҳақида даъво билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2025 йил
28 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Мазкур қарор кассация инстанцияси судида ўзгаришсиз қолдирилган.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2025 йил 14 ноябрдаги ажрими билан даъвогарнинг вакили томонидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятдан воз кечиши қабул қилиниб,
иш юритиш тугатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, даъвогарнинг вакили (адвокат)га берилган нотариал тасдиқланган ишончномада тафтиш тартибидаги шикоятдан
воз кечиш бўйича махсус ваколат назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 69-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ваколати ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.

Шартнома бўйича вакилнинг махсус ваколатлари ишончномада алоҳида кўрсатилмаганда, бундай вакил шикоятдан воз кечишга ваколатли бўлмайди.

Шу асосда Олий суд Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажримини бекор қилиб, даъвогарнинг тафтиш тартибидаги шикоятини кўриб чиқиш учун ишни тафтиш инстанциясига юборган.

 

2-1002-2506/15450-сонли иш

 

 

 

Даъво предмети ва асоси аниқлаштирилмасдан, ишда иштирок этиши шарт бўлган шахслар жалб этилмасдан иш мазмунан кўрилганида суд ҳужжатлари бекор қилиниши лозим.

 

Даъвогар С. Қумқўрғон туманида жойлашган хонадон бўйича 2019 йил 24 июлда нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини дастлаб ҳақиқий эмас деб топиш, кейинчалик эса шартномани бекор қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2024 йил 16 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, етарли асослар мавжуд эмаслиги боис даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ушбу хулосага қўшилмай, хусусийлаштирилган
уй умумий мулк ҳисобланиши ва уни сотишда бошқа умумий мулк иштирокчиларининг розилиги олинмаганлигини асос қилиб,
2024 йил
24 сентябрдаги ажрими билан
ҳал қилув қарорини бекор қилган ҳамда даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарорини қабул қилган.

Мазкур ажрим Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 27 ноябрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш ҳужжатларига кўра даъвогар дастлаб шартномани ҳақиқий эмас деб топиш, сўнгра шартномани бекор қилиш ҳақида талаблар тақдим қилиб, кейинчалик унинг вакили яна аввалги ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабни илгари суриши ҳақида ариза берган.

Шунингдек, даъвогар вакили суд музокарасида шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни қаноатлантиришни сўраган.

Суд даъвогарнинг шахсан иштирокини таъминламаган, унинг даъво талаби ва асосларига ойдинлик киритмасдан ишни мазмунан ҳал қилган.

Даъво аризада жавобгар сифатида кўрсатилган (фаолияти тугатилган) Қумқўрғон туман 3-сон давлат нотариал идорасининг ҳуқуқий ворисини аниқлаш ва судга чақириш чоралари кўрилмасдан, уларнинг ҳуқуқ
ва мажбуриятларига дахлдор масала уларнинг иштирокисиз ҳал қилинган.

Олий суд ушбу ҳолатда ФПКнинг 43, 44 ва 156-моддалари талаблари бузилганлиги сабабли апелляция ва тафтиш инстанцияси суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юбориш ҳақидаги хулосага келган.

2-1904-2401/5532-сонли иш

 

 

 

Моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти

 

Меҳнат низолари

 

Меҳнат дафтарчасини иш берувчи томонидан ўз вақтида топширмаслик ходим фойдасига мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундирилишига асос бўлади.

 

Даъвогар Ф. билан меҳнат шартномаси 2024 йил 2 апрелда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар муносабати билан бекор қилинган ҳамда у шу куни буйруқ билан таништирилган.

Давлат меҳнат инспекцияси давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори
Ф. манфаатида “Turk Havo Yollari” (Turkish Airlines) авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига нисбатан ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи, маънавий зарар ҳамда меҳнат дафтарчаси кечиктирилганлиги учун ўртача иш ҳақини ундириш ҳақида даъво билан мурожаат қилган.

ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2024 йил 17 декабрдаги
ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъатининг кассация ва тафтиш инстанциялари мазкур қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Олий суд томонидан давлат меҳнат инспекцияси судга уч ойлик даъво муддати ўтгач мурожаат қилганлиги сабабли ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабларни рад этиш тўғрисидаги қуйи судларнинг хулосаси тўғри деб топилган.

Бироқ, меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаслик билан боғлиқ талаб юзасидан Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати келишмаган.

Аниқланишича, даъвогарнинг меҳнат дафтарчаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросида сақланган бўлиб, иш берувчи уни расмийлаштириш учун бир неча
ой давомида Бюро билан ёзишмалар олиб борган.

Натижада меҳнат шартномаси 2024 йил 2 апрелда бекор қилинган
бўлса-да, меҳнат дафтарчаси даъвогарга фақат 2024 йил 9 октябрда топширилган.

Судлов ҳайъати Меҳнат кодексининг 171 ва 320-моддалари талабларидан келиб чиқиб, меҳнат дафтарчасини ходимга ўз вақтида топшириш мажбурияти иш берувчи зиммасида эканлиги, унинг кечиктирилиши натижасида ходим меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум бўлган тақдирда эса, иш берувчи ўртача иш ҳақини қоплаши шарт деган хулосага келган.

Даъвогар меҳнат дафтарчасини олиш мақсадида давлат меҳнат инспекцияси, иш берувчи ва Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига бир неча бор мурожаат қилганлиги сабабли мазкур талаб бўйича судга мурожаат қилиш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган.

Шу асосда Олий суд қуйи судлар қарорларининг меҳнат дафтарчасини кечиктирганлик учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво талабини рад этишга оид қисмини бекор қилиб, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига 349.545.172 сўм мажбурий прогул вақти учун иш ҳақини ундириш ҳақида янги қарор қабул қилган.

 

2-1001-2408/51598-сонли иш

 

Хизмат текшируви белгиланган тартиб бузилган ҳолда ўтказилганлиги
ва хизматдан бўшатишнинг ҳуқуқий асослари етарлича асослантирилмаганлиги хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиш учун асос бўлади.

 

Даъвогар О. ички ишлар органлари тизимида ишлаб келган.
Унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, у раҳбар ходимнинг қонуний талабларини бажармаганлиги, ҳамкасбига қўпол муносабатда бўлганлиги, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизомига оид қоидаларни бузганлиги ҳақида хулоса берилган.

Шу хулоса асосида вилояти ИИБ бошлиғининг 2023 йил 29 мартдаги
23-сонли буйруғи билан даъвогар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Даъвогар О. хизмат текшируви хулосасининг ўзига тегишли қисмини қонунга хилоф деб топиш, ушбу хулоса асосида қабул қилинган 2023 йил
29 мартдаги 23-сонли буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи, ҳар чоракда тўланадиган рағбатлантириш тўловлари ҳамда маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилган.

Даъвогар ўз талабларини хизмат текшируви қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилганлиги, хизмат текшируви хулосасида ўзининг қайси
хатти-ҳаракати хизматдан бўшатиш учун қонунчиликда назарда тутилган асосларга тўғри келиши кўрсатилмаганлиги, хизматдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқда ҳам айнан қайси ҳуқуқий нормага асосан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлиги белгиланмаганини кўрсатган.

Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судининг 2023 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган, хизмат текшируви хулосасини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги талаб эса иш юритишдан тугатилган.

Ҳал қилув қарори апелляция ва тафтиш инстанцияларида ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ, суд ҳужжатлари устидан келтирилган тафтиш шикояти Олий судда текширилганида хизмат текшируви ички ишлар органларида хизмат текширувини ўтказиш тартибини белгиловчи Йўриқнома талаблари бузилган ҳолда амалга оширилгани, хизмат текширувини ўтказиш бўйича ваколатли шахс белгиланмагани, текширув қонунчиликда назарда тутилган муддатдан ортиқ давом этган бўлса-да, уни узайтириш ҳақида тегишли қарор қабул қилинмагани ҳамда текширув режаси раҳбар томонидан тасдиқланмагани аниқланган.

Хизмат текшируви хулосаси ва хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқда даъвогарнинг қайси ҳаракати ички ишлар органларида хизматдан бўшатиш учун асос бўладиган интизомий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолангани, у қайси ҳуқуқий норма талабини бузганлиги ва мазкур бузилиш нега энг оғир интизомий жазо — хизматдан бўшатишни қўллаш учун асос ҳисобланиши етарлича асослантирилмагани қайд этилган.

Шу сабабли Олий суд судлов ҳайъати хизмат текшируви хулосаси
ва унинг асосида қабул қилинган хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни даъвогарга оид қисмида ғайриқонуний деб топиб, қуйи инстанция
суд ҳужжатларини бекор қилган ҳамда даъвогарни аввалги лавозимига тиклаш, унинг фойдасига мажбурий прогул вақти учун 529.442.024 сўм иш ҳақи ва 16.500.000 сўм маънавий зарар ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилган.

 

2-1104-2302/4421-сонли иш

 

Мулкий низолар

 

Уйни натура шаклида бўлиш имконияти мавжуд эмаслиги улушли мулк иштирокчисини уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай низоларда уйдан амалда шаклланган фойдаланиш тартиби, мулкдорларнинг эҳтиёжи
ва биргаликда фойдаланишнинг реал имконияти баҳоланиши лозим.

 

Даъвогар А. низоли уйнинг 6/9-қисмига улушли мулкдор ҳисобланади.

Муқаддам низоли уйдаги мерос улушларига оид низо кўрилганида
суд қурилиш-техник экспертизаси ўтказилиб, уйни улушларга мутаносиб равишда натура шаклида бўлиш шаҳарсозлик нормалари талабларига
зид бўлганлиги сабабли уйни  бўлиш имконияти мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса берилган.

Даъвогар А. жавобгарлар Е. ва бошқаларга нисбатан умумий улушли мулк бўлган уй-жойга оила аъзолари – турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан биргаликда киритиш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилган. Бироқ, даъвогарнинг оила аъзолари вояга етган бўлса-да, даъво аризаси улар томонидан имзоланмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 
2024 йил 18 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Уйда яшаётган шахсларнинг ундан фойдаланиш тартиби мерос қолдирувчи ҳаёт бўлган даврда ўзаро келишув асосда белгиланган.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳал қилув қарорини ўзгартириб, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидан даъвогарнинг оила аъзоларини уйга киритиш ҳақидаги хулосани чиқариб, турар жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво талабини рад этган.

Мазкур ажрим шу суднинг тафтиш инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига асосан, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулк ҳуқуқининг шундай тавсифи Фуқаролик кодексининг 164-моддасида ҳам келтирилган.

Ушбу Кодекснинг 231-моддасига асосан мулкдор ўз ҳуқуқларининг
ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Олий суд томонидан низоли уй жойига чиқиб кўздан кечирилганда, мулкдорлар ўртасида уйдан алоҳида кириш йўллари ва деворлар билан ажратилган ҳолда амалда шаклланган фойдаланиш тартиби мавжудлиги ҳамда уни ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш имконияти борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил
24 сентябрдаги “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарорининг
19-бандига мувофиқ, умумий улушли мулк бўлган уйдан улушни асл ҳолида ажратиб бериш (уйни бўлиш) мумкин эмаслиги умумий улушли мулк иштирокчисининг уйдан фойдаланиш тартибини белгилаб бериш ҳақидаги талаб билан арз қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмаслиги ҳақида судларга тушунтириш берилган.

Бундай талабни ҳал этаётганда судлар, уйдан фойдаланишнинг амалда шаклланган ва умумий мулкдаги улушларга батамом мутаносиб келмаслиги ҳам мумкин бўлган тартибини, мулкдорлардан ҳар бирининг уйдан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини ҳамда биргаликда фойдаланишнинг реал имкониятини инобатга олишлари зарур.

Шунга кўра, Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати қуйи судларнинг хулосасини қисман қонун талабларига зид деб топган.

Уйни натура шаклида бўлиш имконияти мавжуд эмаслиги улушли мулк иштирокчисини уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай низоларда уйдан амалда шаклланган фойдаланиш тартиби, мулкдорларнинг эҳтиёжи ва биргаликда фойдаланишнинг реал имконияти баҳоланиши лозим.

Шу асосда Олий суд апелляция ва тафтиш инстанциялари
суд ҳужжатларининг турар жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги талабни рад этишга оид қисмини бекор қилиб, даъвогар ҳамда жавобгарларнинг низоли уйдан амалда шаклланган тартибда фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақида янги қарор қабул қилган.

 

2-1003-2405/25379-сонли иш

 

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга доир низолар

 

Тарафлар ўртасида амалда олди-сотди муносабатлари мавжуд бўлган ҳолда низони ижара муносабатлари сифатида баҳолаш ҳамда бинода амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари харажатларини рад этиш қонун талабларига зид деб топилган.

 

Тарафлар ўртасида фотосалон биносини 100 минг АҚШ долларига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш юзасидан келишув мавжуд бўлиб, даъвогар жавобгарга 70 минг АҚШ долларини тилхатлар асосида тўлаган ҳамда жавобгарнинг розилиги билан бинода капитал қурилиш
ва реконструкция ишларини амалга оширган.

Кейинчалик битим якунига етмаганлиги сабабли низо келиб чиққан.

Даъвогар Б. жавобгар Д.га нисбатан олди-сотди битимини ҳақиқий
деб топиш ҳақида даъво билан мурожаат қилган.

Суд жараёнида даъвогар даъво талабларини ўзгартириб, низоли бинода амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 954.263.114 сўм моддий зарар ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2024 йил
16 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирган.

Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 5 декабрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Ушбу ажрим Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси суди низони ижара муносабатлари сифатида баҳолаб, даъвогар мулкдор ва унинг турмуш ўртоғининг ёзма розилигисиз қурилиш ишларини амалга оширган деб ҳисоблаган.

Бироқ, жиноят иши материаллари, тилхатлар ҳамда тарафларнинг тушунтиришларига баҳо берилганда, тарафлар ўртасида олди-сотди тўғрисида келишув бўлганлиги, даъвогар мазкур бинога келгусида мулкдор бўлишига ишониб, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширганлиги тасдиқланган.

Фуқаролик кодексининг 14 ва 230-моддаларига мувофиқ, инсофли эгалловчи мулкни яхшилаш учун қилинган зарур харажатларни, агар уларни ажратиб олиш имкони бўлмаса ва мазкур харажатлар мулк қийматини оширган бўлса, мулкдордан ундиришни талаб қилишга ҳақли.

Низоли объект жойида кўздан кечирилиб, баҳоловчи ташкилотнинг қайта ҳисоб-китоби олинганида, ҳақиқатда мулк қийматини оширган архитектура, реконструкция ҳамда иситиш-вентиляция ишлари учун 367.881.928 сўмлик харажатлар тасдиқланган.

Шу асосда Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси кассация ва тафтиш инстанцияси судлари ажримларини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартирган ҳамда жавобгардан даъвогар фойдасига 367.881.928 сўм моддий зарар ундириш ҳақида қарор қабул қилган.

 

2-1401-2303/16686-сонли иш

 

Суғурта полисига киритилмаган шахс транспорт воситасидан унинг эгасининг розилиги билан фойдаланганида, суғурта товони транспорт воситаси эгаси ва ҳайдовчидан солидар
ва регресс тартибда ундирилади.

 

Жавобгар Ф.га тегишли бўлган “KIA K5” автомашинаси учун ҳайдовчилар сони чекланган ҳолда мажбурий суғурта полиси расмийлаштирилган, унда Ш. транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга шахс сифатида кўрсатилмаган.

Бироқ, Ш. мазкур автомашинани бошқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва жабрланувчига етказилган 65.624.941,06 сўм зарар суғурта компанияси томонидан қопланган.

Суғурта компанияси жавобгар Ф. ва Ш.ларга нисбатан суғурта товонини регресс тартибида ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2025 йил
23 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, суғурта товони ҳамда суд харажатлари фақат жавобгар Ш.дан ундирилган, мазкур талабларнинг транспорт воситаси эгаси Ф.га нисбатан қисми қаноатлантиришдан рад этилган.

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 20 ноябрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Шу суд тафтиш инстанциясининг 2026 йил 27 январдаги ажрими билан ҳал қилув қароридан ундирилган фоиз қарздорлиги ва давлат божига оид қисмлари чиқарилган ҳолда суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Қуйи судлар транспорт воситаси чекланган суғурта полисига киритилмаган шахс томонидан бошқарилганлигини асос қилиб, зарарни регресс тартибида фақат ҳайдовчи Ш.дан ундириш лозим деган хулосага келган.

Ишни тафтиш тартибида кўриш жараёнида транспорт воситаси эгаси
Ф. автомашинани ўғли Ш.га ўзи берганлигини, у мазкур автомашинадан унинг розилиги билан фойдаланганлигини тасдиқлаган.

Жавобгар Ш. ҳам ушбу ҳолатни тасдиқлаган.

Шу сабабли, транспорт воситаси эгасининг тасарруфидан автомашина ғайриқонуний равишда чиқиб кетган, деган хулосага келиш учун асослар мавжуд бўлмаган.

Олий суд судлов ҳайъати транспорт воситаси эгасининг розилиги билан бошқарилган автомашина томонидан етказилган зарар учун ошиқча хавф манбаи эгаси ҳам жавобгар ҳисобланиши, мазкур ҳолатда суғурталовчи томонидан тўланган суғурта товонини регресс тартибида ҳайдовчи
ва транспорт воситаси эгасидан солидар тартибда ундириш лозим деган хулосага келган.

Шу муносабат билан, суд ҳужжатларининг жавобгар Ф.га нисбатан даъвони рад қилиш қисми бекор қилиниб, ушбу қисм бўйича янги ҳал қилув қарори қабул қилиниб, 65.624.941 сўм суғурта товони, давлат божи
ва суд харажатлари жавобгарлар Ш. ва Ф.дан солидар тартибда ундирилган.

 

2-1903-2502/9472-сонли иш

 

Уй-жой низолари

 

Фарзандликка олинган шахс билан оилавий муносабатлар сақланиб турган ва турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлган ҳолда фарзандликка олувчини уйдан кўчириш ҳақидаги даъво талаби асосли бўлмайди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2025 йил
24 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.нинг жавобгар Л.ни Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги турар жойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинган.

Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 27 январдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, жавобгарни турар жойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Мазкур қарор тафтиш инстанцияси томонидан ҳам ўзгаришсиз қолдирилган.

Апелляция ва тафтиш инстанцияси судлари жавобгарнинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлигига оид муҳим далилларни эътиборсиз қолдирган ҳолда уни уй-жойдан кўчириш ҳақида барвақт хулосага келган.

Аниқланишича, низоли уй-жой даъвогар А.нинг мулки ҳисобланган.

Жавобгар Л. 1991 йилда даъвогарни фарзандликка олган бўлиб, фарзандликка олиш бекор қилинмаган.

Даъвогар ушбу ҳолатни инкор этмасдан, улар ўртасида ушбу низога қадар оилавий муносабатлар яхши бўлганлиги, уй-жойни инвесторга сотиш мақсадида судга ушбу мазмунда даъво қўзғатганлигини маълум қилган.

“Адолат” ахборот тизими орқали олинган маълумотларга кўра,
Л. низоли хонадонда доимий рўйхатда турган.

Шу муносабат билан, Олий суд судлов ҳайъати апелляция ва тафтиш инстанцияси судларининг ажримларини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг даъвони рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарорининг асосини ўзгартирган ҳолда ўз кучида қолдирган.

2-1002-2512/70756-сонли иш

 

Ерга оид низолар

 

Ер участкасига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилмаган шахснинг шу ердан фойдаланишга оид тўсқинликларни бартараф этиш ҳақидаги талаблари қаноатлантирилиши мумкин эмас.

 

Даъвогар Т.га Муборак тумани ҳокимининг 2011 йил 21 июндаги қарори билан савдо дўкони қуриш учун ер майдони ажратилган.

Даъвогарнинг ер участкасига нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, ер чегаралари белгиланмаган ҳамда ерга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Даъвогар Т. судга даъво аризасини бериб, жавобгар Р. зиммасига ушбу
ер майдонида  тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши ва савдо дўкони қуришига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклашни, маънавий зарар ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг 2024 йил
20 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгарга даъвогарнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юкланган ва жавобгардан маънавий зарар ундирилган.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 22 октябрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, маънавий зарар миқдори камайтирилган.

Шу суд тафтиш инстанциясининг 2024 йил 6 декабрдаги ажримига асосан апелляция инстанциясининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишни Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш инстанциясида кўришда жавобгар Р.га тегишли турар жой ва ер участкаси қонунчилик талаблари асосида давлат рўйхатидан ўтказилгани, унинг
ер участкаси даъвогарга ҳоким қарори билан ажратилган ер майдони билан устма-уст тушмаслиги мутахассисларнинг хулосаси асосида аниқланган.

Қуйи инстанция судлари ишнинг ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ҳолатларини тўлиқ аниқламаган ва моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.

Ер кодексининг 31-моддасига кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқ
ер чегаралари белгиланиб, план (чизма) ва тавсифлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Ер участкасига нисбатан ҳуқуқ вужудга келмаган шахс шу ҳуқуқи бузилганини важ қилиб бошқа шахсларга нисбатан тўсқинликларни бартараф этиш ҳақида талаб қўйишга ҳақли эмас.

Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ маънавий зарарни қоплаш учун зарар етказувчининг ғайриқонуний ҳаракати, айби, зарар ва улар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги исботланиши лозим.

Қолаверса, даъвогар ўз ҳуқуқи жавобгарнинг ғайриқонуний ҳаракати натижасида бузилганлиги ва унга маънавий зарар етказилганлигини ишончга сазовор далиллар билан исботлай олмаган.

Шунга кўра, Олий суд қуйи инстанция суд қарорларини бекор қилиб, даъвогарнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабларини рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилган.

 

2-1804-2401/3596-сонли иш

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати

 

Олий суд Раёсатининг 2026 йил 21 августдаги
РС-31-26-сонли қарорига

ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича

суд амалиёти обзори

 

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
29-моддасига асосан Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори тайёрланди.

Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлилларига кўра, Олий суднинг 2026 йил биринчи ярми учун мўлжалланган иш режасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.

Таҳлилларга кўра, судлов ҳайъатига ҳисобот бошига қолдиқ ишлар билан бирга жами 1 252 та тафтиш шикояти (протести) келиб тушган. Шундан 292 та шикоят қайтарилган, 57 тасини қабул қилиш рад қилинган, 319 тасини судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган, 393 таси судлов ҳайъатига ўтказилган. Ҳисобот даврининг охирига қолдиқ шикоятлар сони 191 тани ташкил этади.

 

Судлов ҳайъати томонидан жами 393 та тафтиш шикояти (протести) кўриб чиқилган. Шундан 190 таси бўйича суд ҳужжати ўзгаришсиз қолдирилган, 16 таси бўйича суд ҳужжати ўзгартирилган, 175 таси бекор қилинган, 11 та шикоят бўйича иш юритиш тугатилган ҳамда 1 та шикоят кўрмасдан қолдирилган.

 

 

Ушбу статистик таҳлиллар орқали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасида белгиланган суд ишларини юритиш мақсади ва вазифаларига қуйи судлар томонидан қанчалик даражада эришилганлигини баҳолаш мумкин.

Судлов ҳайъатида жами тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишларнинг ҳудудлар кесими бўйича кўрсаткичлари қуйидагича: Тошкент шаҳрининг 120 та, Сурхондарёнинг 50 та, Тошкент вилоятининг 40 та, Қашқадарёнинг 32 та, Самарқанднинг 25 та, Бухоронинг 22 та, Фарғонанинг 18 та, Қорақалпоғистон Республикасининг 16 та, Хоразмнинг 15 та, Андижон ва Жиззахнинг 13 тадан, Навоийнинг 12 та, Наманганнинг 9 та, Сирдарёнинг 8 та ҳужжатига нисбатан берилган тафтиш шикоят (протест)лари кўриб чиқилган.

 

 

 

 

Ишларни биринчи, апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси судларида кўришда айрим ҳолларда моддий (қўлланилиши лозим бўлган қонунчилик ҳужжатининг қўлланилмаганлиги, қонунчилик ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги) ва процессуал (ишларни билдирилган талаб бўйича қарор қабул қилинмаган ҳолда, даъво талабидан четга чиққан ҳолда  кўрилганлиги ҳамда шикоятлар асоссиз иш юритишга қабул қилинганлиги) ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликларга йўл қўйилганлиги сабабли тафтиш инстанцияси суди томонидан суд қарорлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган.

Тафтиш инстанцияси суди томонидан суд қарорларини ўзгартириш
ёки бекор қилиш ҳолати ҳудудлар кесими бўйича кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида 24 та, Тошкент в
илоятида 10 та, Қашқадарё вилоятида 9 та, Фарғона вилоятида 7 та, Хоразм вилоятида 6 та, Самарқанд вилоятида 5 та, Навоий
ва Наманган вилоятида 4 тадан, Андижон вилоятида 3 та, Жиззах вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Олий судда 1 тадан ташкил этади.

Суд амалиёти обзори натижалари Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари судлари иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари ҳамда ушбу ҳудудлардаги туманлараро иқтисодий судлар томонидан биринчи, апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси сифатида ишларни кўришда айрим ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)
ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларининг нотўғри қўлланилиши, шунингдек
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Олий хўжалик суди Пленуми қарорларида берилган тушунтиришларга риоя қилмаслик ҳолатларига
йўл қўйилганлигини кўрсатди.

 

Процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.

 

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “TEMUR TEXNIK TRANS” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 1 866 527 365 сўм қўшилган қиймат солиғини (бундан буён матнда ҚҚС деб юритилади) ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2026 йил 27 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво талаби қисман қаноатлантирилган, жавобгардан давлат бюджети фойдасига даъвогар орқали 1 799 027 257,87 сўм ҚҚС, республика бюджетига 53 970 817,72 сўм давлат божи ундирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2026 йил 10 мартдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг қарори ўзгаришсиз, жавобгарнинг тафтиш тартибидаги шикояти эса қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Суд қарорларидан норози бўлган жавобгар Олий судга тафтиш тартибидаги шикоят билан мурожаат қилиб апелляция ва тафтиш инстанцияси судларининг қарорларини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогарнинг “Камерал солиқ текширувини ўтказиш ҳақида” 2024 йил 21 июлдаги 30/1-09327-kt-сонли буйруғига асосан жавобгарнинг 2022 йил январдан 2025 йил 30 июнга қадар бўлган фаолияти даврида ҚҚСни тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган.

Текширувда жавобгар контрагентлар билан тузилган битимлар асосида “шубҳали” молиявий операциялар амалга оширганлиги ҳамда мазкур контрагентлар томонидан қонунга зид тарзда расмийлаштириб берилган ҳисобварақ-фактуралар жавобгарнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилганлиги натижасида, жами 1 866 527 365 сўмлик ҚҚС миқдори асоссиз ҳисобга олинганлиги аниқланган.

Текширувда аниқланган ушбу ҳолат бўйича жавобгарнинг шахсий кабинети орқали даъвогар томонидан 2025 йил 29 сентябрда 30/1-343223-сонли талабнома юборилиб, асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритган ҳолда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш сўралган.

Жавобгар ушбу талабномани оқибатсиз қолдирганлиги сабабли, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 1 866 527 365 сўм ҚҚС ундиришни сўраган.

Апелляция ва тафтиш инстанцияси судлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 15 ва 266-моддаларини қўллаб, жавобгарнинг  контрагентлари фаолиятида сотилган ва харид қилинган товарлар номутаносиблигига ҳамда солиқдан қочиш ҳолатларига йўл қўйган “шубҳали” корхоналар рўйхатига киритилганлиги ва ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бекор қилинганлиги, жавобгар томонидан контрагентларга тўлаб берилган ҚҚС суммаси контрагентлар томонидан давлат бюджетига тўлаб берилмаган деган хулоса билан даъвогарнинг даъво талабини қисман асосли деб ҳисоблаб, уни 1 799 027 257,87 сўмга қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.

Чунки, биринчи инстанция суди томонидан жавобгарнинг 35 та контрагенти ишга учинчи шахс сифатида жалб қилинмасдан, уларнинг тушунтиришлари олинмасдан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир
ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Ваҳоланки, ИПК 302-моддаси бешинчи қисмининг 3-бандига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.

Апелляция ва тафтиш инстанцияси судлари эса ҳал қилув қарорининг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо беришда биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган ушбу процессуал ҳуқуқ нормаси бузилишига эътибор қаратилмаган.

ИПК 3247-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра, ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси бешинчи қисмининг
3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга ҳақли.

Шу боис судлов ҳайъати апелляция ва тафтиш инстанцияси суди қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборишни лозим топган.

 

4-1001-2518/108517-сонли иш

 

Кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатади.

 

Каттақўрғон туман фермерлар кенгаши (бундан буён Кенгаш деб юритилади) “Yashil vodiy-S.SH.T” фермер хўжалиги (бундан буён даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Kattakurgan cluster” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 2023 йилда топширилган уруғлик пахта учун ҳисобланган 261 752 400 сўм устама ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2025 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Кассация инстанцияси судининг 2026 йил 5 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2026 йил 5 февралдаги қарори билан кассация инстанцияси судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

ИПКнинг 285-моддасига мувофиқ кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Аниқланишича, даъвогар ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан 9 ой 22 кун ўтгандан кейин, яъни 2025 йил 2 декабрда кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция, кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида” 2024 йил 25 мартдаги 10-сонли қарорининг 7-бандида апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича суд ҳужжати қабул қилинган ёки қонуний кучга кирган кундан эътиборан ҳисобланиши, судлар апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган, кассация инстанцияси суди томонидан эса, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Мазкур ҳолатда, кассация инстанцияси томонидан мазкур шикоятнинг иш юритувга қабул қилиниши процессуал қонун талабларининг бузилиши ҳисобланади.

ИПК 296-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган
ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича
иш юритишни тугатади.

ИПК 3247-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.

Шу боис судлов ҳайъати кассация ва тафтиш инстанцияси суди қарорларини бекор қилиб, кассация шикояти бўйича иш юритишни тугатишни лозим топган.

 

4-1104-2502/2060-сонли иш

 

Иқтисодий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, суд иш юритишни тугатади.

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) “Самарқанд сув таъминоти” АЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидалари”га (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) риоя этилиши юзасидан расмийлаштирилган 2022 йил 4 февралдаги 00019051-сонли далолатномага кўра, “ROFEEV” МЧЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) сув таъминотига Д-20 мм. ли пластмасса қувур (ички Д-15 мм. ли) орқали уланиб, сув ўлчагич асбобини давлат қиёслов кўриги муддати ўтганлиги аниқланганлигини асос қилиб, жавобгардан қоида бузилиши натижасида сув ва оқава сарфи учун ҳисобланган 86 621 327 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2025 йил 18 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 5 958 264 сўм ундирилган, даъвонинг 67 797 288 сўм ундириш қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2025 йил 22 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2025 йил 9 октябрдаги қарори билан,
суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, судлар томонидан даъво талабининг 27 367 470 сўм ундириш қисми мазмунан кўрилиб, процессуал хатоликка йўл қўйилган.

Чунки, 4-1401-2402/975-сонли иқтисодий иш юзасидан айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет юзасидан қабул қилинган Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2024 йил 4 июндаги ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг 2022 йил 21 сентябрдаги мурожаатига асосан сувоқова ходими ва истеъмолчи вакили иштирокида 2022 йил 23 сентябрда расмийлаштирилган 00027924-сонли далолатнома-кўрсатмада сувни ҳисобга олиш асбоби қабул қилинганлиги ҳамда 2022 йил 4 февралдаги 00019051-сонли далолатнома-кўрсатма ўз вақтида бажарилмаганлиги қайд этилганлиги, жавобгарга тегишли бўлган сувни ҳисобга олиш асбоби пломбаси ечилган вақтидан бошлаб пломбаланиб, қайта қўйилгунгача 30 календарь кундан ошганлиги, шунинг учун даъво аризасида Қоидаларнинг 70, 76, 78-бандига мувофиқ жавобгарга нисбатан қайта ҳисоб-китоб натижасида 92 кунга Д-15 мм = 40,5 м3 х 92 кун х 7 345 сўм = 27 367 470 сўм тўлов ҳисобланиб, ундириш сўралганлиги аниқланган. Жавобгар  Қоидаларнинг ушбу бандларда назарда тутилган қоидабузарликни содир этган деб топилиб, қоидабузарлик учун қайта ҳисоб-китоб қилинганда ҳам формуладаги Н-сув тармоғидаги босим миқдори 0,1 атм. дан келиб чиқиб ҳисобланган
ва жавобгардан даъвогар фойдасига 27 367 470 сўм ундирилган.

ИПК 110-моддасининг 2-бандига кўра, иқтисодий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, суд иш юритишни тугатади.

Шу боис судлов ҳайъати суд қарорларининг 27 367 470 сўм ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш қисмини бекор қилиб, ушбу талаб бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топган.

4-1401-2502/152-сонли иш

 

 

Ҳал қилув қарорининг судья томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.

 

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 декабрдаги
ҳал қилув қарори билан “United trade system” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошланган ва тугатиш (суд) бошқарувчиси этиб Ф.Ниязметов тайинланган.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида, даъвогарга хизмат кўрсатувчи банкдан олинган банк айланмасига кўра, даъвогарнинг банк ҳисоб рақами орқали “Dadajon-Asilbek” масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) пул маблағи ўтказилганлиги, бироқ, жавобгар даъвогарга маҳсулотни қисман етказиб, қолган 3 997 451 000 сўмлик маиший техника моллари етказиб берилмаганлиги аниқланган.

Шу сабабли, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 3 997 451 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2025 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2025 йил 23 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2026 йил 16 мартдаги қарори билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

ИПК 302-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандига кўра, ҳал қилув қарорининг судья томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, апелляция инстанцияси судида маърузачи судья С.Қувватов бўлган ҳамда у апелляция инстанцияси судининг қарорини имзолаган. Шунингдек тафтиш инстанцияси судида маърузачи судья М.Фаязов бўлган, бироқ тафтиш инстанцияси судининг қарорини М.Фаязов эмас балки С.Қувватов имзолаган.

ИПК 3247-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли.

Шу боис судлов ҳайъати қарор бошқа судья томонидан имзоланганлиги ҳамда шу билан процессуал қонунбузилишга йўл қўйилганлигини инобатга олиб, тафтиш инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни лозим топган.

 

4-1301-2504/14111-сонли иш

 

 

Моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти

 

Қонунчилик ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади, қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб
“А” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 336 742 963,20 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2026 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига
336 742 963,20 сўм ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2026 йил 25 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2026 йил 15 апрелдаги қарори билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, 2025 йил 5 майга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 28-моддасида ер участкалари электрон онлайн-аукцион воситасида
ёки баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган бозор қиймати бўйича тўғридан тўғри реализация қилинганда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплашга оид норма мавжуд бўлмаган.

Шунингдек, 2025 йил 5 майга қадар ва бугунги кунда амалда бўлган
Ер кодекси 87-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиб қўйилаётган қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерлари ажратиб бериладиган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланиши белгиланган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча
ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг
2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1062-сонли Қонуни билан Ер кодексининг
28 ва 87-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, Ер кодексининг 28-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон Республикасида ер участкаларини олганлик ва ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўланади, ер участкаларини олган юридик
ва жисмоний шахслар ушбу Кодексга мувофиқ электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра ёки баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланадиган миқдорда ҳақ тўлайди, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплайди.

Ер кодексининг 87-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра,
ер участкалари электрон онлайн-аукцион воситасида реализация қилинганда, шунингдек баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган бозор қиймати бўйича тўғридан-тўғри реализация қилинганда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари миқдори алоҳида кўрсатилиши
ва тўланиши керак.

Яъни, электрон онлайн-аукционда ер участкаларини олган юридик
ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш мажбурияти Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1062-сонли Қонуни кучга кирган кундан эътиборан юзага келган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилиши, Ўзбекистон Республикаси қонунининг амал қилиши у амалга киритилгунига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1062-сонли Қонунида у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши назарда тутилмаган.

Ушбу ҳолда, 2025 йил 5 майга қадар электрон онлайн-аукционда
ер участкаларини олган юридик ва жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги
ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплашни талаб қилиш қонунга мувофиқ эмас.

Судлар иш юзасидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламаган ҳамда моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўлланган, бу эса ноқонуний қарор қабул қилишга сабаб бўлган.

ИПК 3248-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни ёки ажримни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

ИПК 3247-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.

Шу боис судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топган.

 

4-1001-2514/134861-сонли иш

 

Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.

 

“Musaev Kosbergen” МЧЖ таъсисчиси Э.Онашов (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Musaev Kosbergen” МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ ёки жамият деб юритилади) таъсисчиларининг 2021 йил 28 апрелдаги умумий йиғилиш қарорини
ҳамда “Агробанк” АТБнинг (бундан буён матнда Банк деб юритилади) Нукус филиали (бундан буён матнда Банк филиали деб юритилади), “Emirxan Rasul” МЧЖ (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ҳамда МЧЖ (ипотекага қўювчи) ўртасида тузилган 2021 йил 30 апрелдаги Ksh046676-сонли ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 2021 йил 30 апрелда тузилган Ksh046676-сонли ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Даъвонинг банк филиалига нисбатан қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2024 йил 28 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанциясининг 2025 йил 11 февралдаги қарори билан апелляция инстанциясининг қарори қисман бекор қилиниб, учинчи шахс Ж.Уразбаевнинг апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 13 майдаги қарори билан тафтиш инстанциясининг 2025 йил 11 февралдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун тафтиш инстанциясига юборилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2025 йил 1 июлдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2024 йил 28 ноябрдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2025 йил 8 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2025 йил 27 октябрдаги қарори билан
суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

ФКнинг 150-моддасига мувофиқ умумий даъво муддати уч йил.

ФК деб юритилади) 154-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Мазкур ҳолатда ҳақиқий эмас деб топилиши сўралаётган ипотека шартномаси 2021 йил 30 апрелда тузилган бўлиб, даъво аризаси судга
2024 йил 26 июлда, яъни даъво муддати ўтиб бўлгандан кейин тақдим этилган.

Бироқ судлар томонидан даъво талабининг ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисмига нисбатан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги Банкнинг аризаси муҳокама қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2015 йил 19 июндаги
282-сонли қарорининг 9 ва 10-бандларида биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган суд ҳужжати юқори инстанция суди томонидан бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган тақдирда, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза умумий тартибда берилиши мумкинлиги даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлиши, даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво рад қилинган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида низодаги тараф даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берганлигини баён қилиши ва ушбу муддат ўтганлигини асослаши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.

Шу боис судлов ҳайъати даъво талабининг ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисмига нисбатан даъво муддатини қўллаш ҳақида Банкнинг аризасини қаноатлантириб, даъвонинг ушбу қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топган.

 

 

4-2301-2402/1348-сонли иш

 

Қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим,
шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас
деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) “47-son xo’jaliklararo ko’chma mexаnizatsiyalashgan kolonna” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида “Buxara invest plyus baraka” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади), “Асакабанк” акциядорлик жамияти Бухоро филиали
ва “Асакабанк” акциядорлик жамиятига (бундан буён матнда қўшимча жавобгар ёки Банк деб юритилади) нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 2018 йил 14 декабрда тузилган
2018-230-сонли кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Кассация инстанцияси судининг 2025 йил 30 майдаги қарори билан
ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг 2026 йил 5 январдаги қарори билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Даъво аризасида даъвогар раҳбарининг мурожаати бўйича берилган хатшунослик экспертизаси хулосаси ва Бухоро туман ИИБ ҳузуридаги
ТГ катта терговчиси М.Темировнинг 2024 йил 5 августдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорига асосан кафиллик шартномасида ва кафилликка розилик бериш ҳақида 2019 йил санаси кўрсатилмаган даъвогар таъсисчилари умумий йиғилиш баённомасидаги даъвогар раҳбари А.Улуғовнинг имзолари сохталаштирилганлиги ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда кафиллик шартномасини тузиш учун даъвогардан ҳеч қандай розилик олинмаганлиги асос сифатида кўрсатилган.

Аниқланишича, Банк ва жавобгар ўртасида 2018 йил 14 декабрда кредит шартномаси тузилган. Унга кўра Банк жавобгарга иссиқхона ускуналарини сотиб олиш мақсадида 7 йил муддатга, 6 фоиз устама тўлаш шарти билан 1 600 000 АҚШ доллари кредит ажратган.

Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида даъвогар, жавобгар
ва Банк ўртасида 2018 йил 14 декабрда 2018-230-сонли кафиллик шартномаси тузилган. Унга кўра кафил банкнинг биринчи талаби билан қарздорнинг кредит шартномаси бўйича кредит қарзининг тўланмаган қисмини тўлаш мажбуриятини олган.

Даъвогар раҳбари А.Улуғовнинг аризаси юзасидан тайинланган хатшунослик экспертизаси асосида Бухоро вилоят ИИБ
Эксперт-криминалистика марказининг 2024 йил 25 июлдаги 1775-сонли эксперт хулосасига кўра, 2018 йил 14 декабрдаги 2018-230-сонли кафиллик шартномаси, шунингдек санаси кўрсатилмаган 2019 йилдаги даъвогар таъсисчилари умумий йиғилишининг 2-сонли баёнидаги “А.А.Улугов” матн ёзуви қаршисидаги имзолар, А.А.Улуғов томонидан эмас, бошқа шахс томонидан бажарилганлиги қайд этилган.

ФКнинг 116-моддасига мувофиқ қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонунчилиги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли қарорининг
12.1 бандида битимни тузган шахс томонидан амалга оширилган имзонинг асллиги бўйича шубҳа мавжудлиги сабабли битимни ҳақиқийлиги юзасидан низолашилганда, билдирилган талаб асосли бўлса, битим ФКнинг
116-моддасига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилади.

Шу боис судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, тарафлар ўртасида тузилган 2018 йил 14 декабрдаги 2018-230-сонли кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топган.

 

4-2001-2405/4014-сонли иш

 

Битим иштирокчилари мажбуриятларини бажарган бўлса, солиққа оид бўлмаган қонунчилик бузилиши даромад ёки харажатларни солиқ мақсадида эътироф этишни рад этиш учун асос бўлмайди.

 

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “В” хусусий корхонасидан (бундан буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) 540 956 576 сўм қўшилган қиймат солиғини (бундан буён матнда ҚҚС деб юритилади) ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2025 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар орқали бюджетга 333 552 176 сўм асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси ундирилган.

Апелляция инстанциясининг 2025 йил 17 апрелдаги қарори билан
ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанциясининг 2025 йил 10 июлдаги қарори билан суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, даъвогарнинг 2022 йил 11 апрелдаги 20/1-00742-кт-сонли буйруғига асосан жавобгарнинг 2020 йил 1 январдан 2022 йил 28 февралга қадар бўлган фаолиятида ҚҚСни тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган.

Текширишда жавобгар ва унинг контрагентлари ўртасида тузилган битимлар асосида “шубҳали” молиявий операциялар амалга оширилганлиги ҳамда қонунга зид равишда расмийлаштирилиб берилган ҳисобварақ-фактуралар жавобгарнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилганлиги натижасида жами 540 956 576 сўмлик ҚҚС асоссиз ҳисобга олинганлиги аниқланган.

Текширув натижалари юзасидан хулоса расмийлаштирилиб, жавобгарга 2022 йил 6 майда солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида
20/1-80806-сонли талабнома юборилган. Бироқ ушбу талабнома оқибатсиз қолдирилган.

Шу сабабли, даъвогар жавобгарга нисбатан қайд этилган даъво талаби билан судга мурожаат қилган.

Даъво аризасида битимнинг кўзбўямачилик учун тузилганлиги, товар
ёки хизматлар эса шартнома тузган шахсдан олинмаганлиги ҳолати солиқ органига маълум бўлса, бундай ҳолат етказиб берувчига ўтказиб берилган
пул маблағларини харажат сифатида тан олмасликка асос бўлиши, МЧЖнинг молиявий операцияларни амалга оширишидан кўзлаган ягона ва устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафини олишдан ёки ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлганлиги, бундай ҳаракатлар билан Солиқ кодекси мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши кўрсатилган.

Бироқ, даъвогарнинг МЧЖ ва унинг контрагентлари ўртасида битимлар кўзбўямачилик учун тузилганлиги, товар ва хизматлар шартнома тузган шахсдан олинмаганлиги, МЧЖ ва контрагентлар ўртасида тузилган битимлар асосида “шубҳали” молиявий операциялар амалга оширилиб, контрагентлар томонидан МЧЖга ноқонуний ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилганлиги натижасида ҚҚС асоссиз ҳисобга олинганлиги ҳақидаги важи асоссиз бўлиб, солиқ органи томонидан ушбу шартномалар юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилганлиги ёки бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилганлиги исботлаб берилмаган.

Қолаверса, Солиқ кодекси 14-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар битимларнинг ёки бошқа иқтисодий муносабатларнинг барча иштирокчилари ўзлари тузган битимларнинг барча шартлари ва талабларини бажараётган бўлса, солиққа оид бўлмаган муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларнинг айрим бузилишлари солиқ тўловчи томонидан олинган даромадларни ёки уларнинг қилган харажатларини (кўрган зарарларини) солиқ солиш мақсадида эътироф этишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Даъвогарнинг контрагентлар етказиб берувчи сифатида ишчи ходимлар, балансида ҳеч қандай воситалар, ишлаб-чиқариш активлари, омборхона
ва транспорт воситалари мавжуд бўлмаганлиги, контрагент ўз фаолияти давомида асбоб-ускуна ёки транспорт воситаларини ижарага олиш учун пул маблағларини бошқа ташкилотларга ўтказиб бермаганлиги ҳақидаги важи билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, иш ҳужжатларида ушбу важларни исботловчи бирор-бир далил мавжуд эмас.

Ваҳоланки, ИПК 68-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ишда иштирок этувчи шахслар фақат ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдиндан таништирилган далилларга асосланишга ҳақли.

Шунингдек, даъвогарнинг даъво аризасида Солиқ кодекси
15-моддасининг биринчи қисмига биноан солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шартлиги ҳақида важ келтирилган.

Бироқ, Солиқ кодекси ушбу моддасининг учинчи қисмида солиқ органлари солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан, шунингдек бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини бериши белгиланган.

Жавобгар ва унинг контрагентлари ўртасида шартномалар тузиш пайтида контрагентларнинг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси амалда бўлган.

Тошкент туманлараро маъмурий судининг 5-1001-2208/1255-сонли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорида МЧЖ Солиқ кодексининг
15-моддасига асосан ўз имкониятларидан келиб чиқиб, контрагентлар билан шартнома тузаётганида лозим даражада эҳтиёткорликни амалга оширганлиги, яъни солиқ органлари уларни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйганлиги, ҚҚС коди берганлиги текширилиб, “my.soliq.uz” сайтидан бу контрагентлар солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалари амалда бўлганлигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина битимлар тузилиб, ҳисоб-китоблар амалга оширилганлиги, Солиқ кодексининг 8-моддасига биноан ҳеч кимга солиқлар ва йиғимларнинг барча аломатларига эга бўлган, бироқ ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмаслиги, Солиқ кодекси 266-моддасининг ўн тўртинчи қисмига асосан солиқ органи ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақлилиги, лекин бунинг учун ҳисобга олиш ҳуқуқи товарлар (хизматлар)ни олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлиши лозимлиги қайд қилинган.

ИПК 73-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.

ИПК 3247-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.

Шу боис судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топган.

 

4-1001-2408/110824-сонли иш

 

Иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати

 

Олий суд Раёсатининг
2026 йил 21 августдаги
РС-32-26-сонли қарорига

ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича
судлов ҳайъати томонидан 2026 йил биринчи ярмида
тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича

суд амалиёти обзори

 

 

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг
29-моддасига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2026 йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасининг 3.1-банди
ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг шу даврга мўлжалланган иш режасининг 2.1-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2026 йил биринчи ярмида тафтиш инстанциясида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори тайёрланди.

Аниқланишича, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида 2026 йил биринчи ярмида тафтиш тартибидаги шикоятлар (протестлар) асосида
1 044 та иш ўрганилиб, тафтиш инстанциясида 171 та иш кўрилган.
Шундан, 81 та иш бўйича суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган, 80 та иш бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган.

 

 

 

Жами бекор қилинган 80 та суд ҳужжатларидан 43 тасида янги қарор қабул қилинган, 13 тасида иш янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига (шундан, 6 таси биринчи инстанцияга, 6 таси апелляция (кассация) инстанциясига, 1 таси тафтиш инстанциясига) юборилган, 21 тасида қуйи инстанциянинг суд ҳужжати (биринчи инстанциянинг 13 та ҳал қилув қарори, апелляция инстанциясининг 8 та қарори) ўз кучида қолдирилган, 3 тасида ариза бўйича иш юритиш тугатилган. Якуний қарор қабул қилиш кўрсаткичи 84 фоизни ташкил этган.

2026 йил биринчи ярмида суд қарорлари бекор қилинган ишлар ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан кўринишича, Тошкент шаҳар судларининг 28 та, Бухоро вилояти судларининг 14 та, Тошкент вилояти судларининг
10 та, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари судларининг 5 тадан, Қашқадарё
ва Сирдарё вилоятлари судларининг 4 тадан, Андижон вилояти судларининг 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг 2 та, Хоразм, Навоий, Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятлари судларининг 1 тадан суд ҳужжатлари бекор қилинган.

Бекор қилинган суд қарорларининг 36 таси ерга оид низоларни
(Тошкент шаҳрида 7 та, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 5 тадан, Андижон вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 3 та, Самарқанд вилоятида
2 та, Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Жиззах вилоятларида 1 тадан),
30 таси солиқ низоларини (Тошкент шаҳрида 12 та, Бухоро вилоятида 8 та, Тошкент вилоятида 4 та, Фарғона вилоятида 3 та, Самарқанд вилоятида
2 та, Сирдарё вилоятида 1 та)
, қолган 14 таси бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилган.

Судлов ҳайъатида жами 81 та, шу жумладан Тошкент шаҳар судларининг 31 та, Тошкент вилояти судларининг 11 та, Самарқанд вилояти судларининг 10 та, Бухоро вилояти судларининг 9 та, Наманган вилояти судларининг 4 та, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари судларининг 3 тадан, Навоий ва Хоразм вилоятлари судларининг 2 тадан, Андижон, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси судларининг 1 тадан ишлари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд амалиёти обзорини тайёрлаш натижаларидан кўринишича, судлар томонидан айрим ишларни кўришда вакилнинг процессуал ваколатларига тўғри баҳо берилмаганлиги, маъмурий ҳужжатнинг ҳуқуқий табиати
ва ҳуқуқий оқибатлари нотўғри баҳоланганлиги, давлат божига оид қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги, иш учун аҳамиятли бўлган барча ҳолатлар ва далиллар тўлиқ текширилмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари ҳамда процессуал қоидаларнинг нотўғри қўлланилганлиги
ёки бузилганлиги суд қарорлари бекор қилинишига сабаб бўлган.

Суд қарорларининг бекор қилинишига асос бўлган ҳолатлар қуйидаги ишлар мисолида келтирилади:

 

Процессуал ҳуқуқ нормасига риоя этилиши

 

Вакил арз қилинган талабнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга ваколати ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.

 

Аризачи туман ҳокимлиги судга жавобгар Давлат кадастрлари
палатаси бошқармасининг “А” АЖ номига 2019 йил 7 ноябрда ва 2021 йил
26 октябрда расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларининг 0,5 га қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судида ишни кўриш жараёнида аризачининг
вакили “Б” талабни ўзгартириб, 2021 йилда учинчи шахс номига расмийлаштирилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқнинг 3
 690 кв.м қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг ажрими билан талаб ўзгартирилганлиги қабул қилинган
ва ишни кўриш натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ушбу ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда ўзгаришсиз қолдирилган.

Аризачи томондан вакилга берилган ишончномада МСИЮтК
62-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ арз қилинган талабнинг
асосини ёки предметини ўзгартириш ваколати махсус кўрсатилмай, “қонунда тақиқланмаган барча процессуал ҳаракатларни амалга оширилишига ваколат берилган ҳолда” ишда туман ҳокимлигининг вакили сифатида иштирок этишга ваколат берилганлиги кўрсатилган бўлган.

Бундай ҳолатда, судлар, аризачи вакили “Б”нинг талабни ўзгартиришга ваколати бўлмаган бўлса-да, ариза талаби ўзгартирилганлигини қабул қилиб, процессуал ҳуқуқ нормаларини бузганлар.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборилган.

5-1801-2404/1584-сонли иш

Маъмурий ҳужжатга нотўғри баҳо берилганлиги оқибатида иш юритиш тугатилиши, суднинг ажрими бекор қилинишига сабаб бўлади.

 

Биринчи инстанция судининг ажрими билан аризачи “Н”нинг жавобгар туман сайловга кўмаклашувчи комиссия раиси – туман ҳокимининг хулоса хатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича иш юритиш тугатилган. Мазкур ажрим юқори инстанцияларда ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ аниқланишича, “Д” МФЙ раиси сайловини ташкил этиш
ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан фуқаролар йиғини раиси сайловида аризачи “Н”, учинчи шахслар “Т”, “Ш” ва “А”нинг номзодлари
таклиф этилган.

Жавобгарнинг фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш
ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳига тақдим этган хулоса хатида комиссия томонидан фуқаролар йиғини раиси лавозимига кўрсатилган номзодларга оид ҳужжатлар кўриб чиқилиб, аризачи “Н” ва учинчи шахс “Т”нинг номзодлари “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси талабларига мос келмаганлиги учун рад қилинганлиги маълум қилинган.

Судлар ушбу хулоса маъмурий ҳужжат ҳисобланмаслиги, қонунда
уни устидан шикоят қилиш тартиби назарда тутилмаганлиги, тарафлар ўртасида оммавий ҳуқуқий муносабат вужудга келмаганлиги асоси билан ариза маъмурий суднинг судловига тааллуқли эмас деб ҳисоблаб, ишни
иш юритишдан тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Чунки, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг
16-моддаси талабларига кўра хулоса шахсни фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод сифатида кўрсатилишига асос бўлувчи якуний ҳужжат ҳисобланиб, унга асосан аризачининг фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланиш учун кўрсатилган номзоди рад этилган.

Шунга кўра, жавобгар маъмурий орган бўлиб, тарафлар ўртасидаги муносабат оммавий ҳуқуқ нормаси билан тартибга солиниши
ва низолашилган хулоса аризачининг сайланиш ҳуқуқини чеклаганлиги боис унга нисбатан муайян ҳуқуқий оқибатни юзага келтирганлиги судлар томонидан инобатга олинмаган.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан суд ҳужжатлари бекор қилиниб, иш мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

5-1501-2508/1057-сонли иш

 

 

Ариза давлат божи тўланмаган
ҳолда берилганда, аризачи қонун бўйича давлат божини тўлашдан
озод қилинган шахслар рўйхатига
кириш-кирмаслиги текширилиши шарт.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан аризачи
“Р” ва бошқаларнинг жавобгар Халқ депутатлари вилоят Кенгашига
нисбатан қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. Ушбу ҳал қилув қарори апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган.

Тафтиш инстанцияси судьясининг ажрими билан эса аризачининг тафтиш тартибидаги шикояти ва унга илова қилинган ҳужжатлар давлат божи ва почта харажатлари тўланмаганлиги асоси билан қайтарилган.

Бироқ, аризачилар жисмоний шахс сифатида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун 10-моддасининг 11-бандига асосан бундай талаблар бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинганлиги, Олий суд Пленумининг “Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 2019 йил 25 октябрдаги 20-сонли қарорининг 21-бандида
эса ушбу шахслар суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш шикояти билан мурожаат қилганда ҳам давлат божидан озод этилганлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги судья томонидан инобатга олинмаган.

Шу билан бирга, мазкур маъмурий иш “Adolat” ахборот тизимлари комплекси орқали текширилганда, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги аниқланган. Олий судга йўлланган тафтиш шикоятига ҳам ушбу тўловларни тасдиқловчи квитанциялари илова қилинган.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан тафтиш инстанцияси судьясининг ажрими бекор қилиниб, шикоят мазмунан кўриш учун тафтиш инстанциясига юборилган.

 

5-1401-2602-103-сонли иш

 

Моддий ҳуқуқ нормасига риоя этилиши

 

Солиқ текширувлари жараёнида солиқ органи товар-моддий бойликларга оид барча тегишли ҳужжатларни ўрганиши ва унга
ўз баҳосини бериши лозим.

 

Биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори билан аризачи
“А” МЧЖнинг жавобгарлар Солиқ қўмитасининг 2025 йил 10 апрелдаги
39-39-сонли ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг 2025 йил 17 февралдаги 42/20-3-07461-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. Ушбу ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, Инспекциянинг низолашилган қарори билан аризачига нисбатан 2 516 205 521,25 сўм фойда солиғи ва 20 фоиз миқдорида 3 354 940 695,0 сўм молиявий жарима ҳисобланиб, Солиқ қўмитасининг низолашилган қарори билан аризачининг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Қўшимча солиқлар ҳисобланишига товар моддий бойликлар жамиятнинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан қиёсланганда кирим ҳужжати бўлмаган 16 774 703 475,0 сўмлик товар моддий бойликлар
(ёқилғи маҳсулотлари) реализацияси амалга оширилганлиги аниқланганлиги асос бўлган.

Бироқ, “Б” МЧЖ билан аризачи ўрталарида 2023 йил 27 декабрда
нефть маҳсулотларини қабул қилиш, омборларда сақлаш ва юклаб бериш, алоҳида ҳисоботларини юритиш ва қайтариб бериш ҳақида масъул сақлаш шартномаси тузилганлиги, аризачи омборларида ҳақиқатда мавжуд бўлган
ва 2024 йилда айланмалари бўлган масъул сақловдаги дизель маҳсулотлари инобатга олинганлиги текшириш далолатномасида қайд этилмаган.

Ваҳоланки, 029.10 ҳисоб рақамидаги (масъул сақлаш шартномасига асосан) нефть маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларга кўра, аризачида
2025 йил 1 январь ҳолатига 2 571,637 тн. АИ-80, 123,957 тн. АИ-92 автобензин, 1684,273 тн. дизель ёқилғиси, 1,345 тн. ферсол маҳсулотлари мавжуд бўлган бўлиб, 2025 йил 15 январь ҳолатига 1 983,884 тн. АИ-80, 243,662 тн
АИ-92 автобензин
, 1 505,803 тн. дизель ёқилғиси, 1,345 тн. ферсол маҳсулотлари қолдиқда бўлган.

Дастлабки суд жараёнларида жавобгар вакиллари сақлаш учун қабул қилинган нефть маҳсулотлари 029.10 ҳисоб рақамида кўрсатилган бўлса-да, улар ЭХФлар орқали реализация қилинганлиги сабабли, СК 223-моддасига асосан реализация қилинган миқдор яширилган тушум деб баҳоланиб, унинг қийматига фойда солиғи ҳисобланганлиги ва молиявий жарима солинганлиги ҳақида кўрсатмалар берган.

Келгусида эса жавобгар вакиллари 16 774 703 475,0 сўмлик реализация қилинган товар моддий бойликлар (ёқилғи маҳсулотлари)нинг барчасини ҳам “Б” МЧЖдан шартномага мувофиқ масъул сақлаш учун қабул қилинган маҳсулотлардан иборат деб бўлмаслиги, бу миқдордаги ТМБларнинг айрим қисмининг келиб чиқиши маълум эмаслиги ҳақида важлар келтирган.

Шу билан биргаликда, аризачи томонидан реализация қилинган суммадан келиб чиқиб ҚҚС тўланганлиги жавобгар томонидан инкор этилмаган.

Судлов ҳайъати мажлисида аризачи вакиллари томонидан жамиятга нисбатан қўшимча солиқ ва молиявий жарима ҳисобланишига асос бўлган 16 774 703 475,0 сўмлик товар моддий бойликлар (ёқилғи маҳсулотлари)
“Б” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан масъул сақловда бўлган маҳсулотлардан иборатлиги ва бу маҳсулотлар ЭХФ расмийлаштирилган
ҳолда жамият томонидан реализация қилинганлиги кўрсатилса-да, бу ҳолат текшириш натижаси бўйича далолатномада акс эттирилмаган.

Бундай ҳолатда, жавобгар томонидан ТМБларга оид ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмаган ва шу сабабли аризачига нисбатан қўшимча солиқ ҳисоблашда ишончли далилларга таянилган, низолашилган қарор эса асослантирилган деб бўлмайди.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, аризани қаноатлантириш
ҳамда жавобгар зиммасига текшириш материалларини қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

 

5-1001-2509/955-сонли иш

 

Тамомланган ижро иши доирасида қабул қилинган қарорлар кейинги ижро ишини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўла олмайди.

 

Апелляция инстанциясининг қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига кўра, аризачи “С” нинг жавобгар МИБ туман бўлими давлат ижрочисининг 2024 йил 15 февралдаги “Мол-мулкни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 21 октябрдаги “Арифметик хатони тўғрилаш ҳақида”ги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган.

Тафтиш инстанцияси судининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, аризани рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг
2023 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарори билан қарздор “С”дан ундирувчи АТИБ “Ипотека-Банк” фойдасига 155 523 339,76 сўм қарздорликни ундириш, ундирувни гаровдаги Ёш авлод кўчаси, 5-уй, 14-хонадонга қаратиш белгиланган.

Ҳал қилув қарори бўйича берилган ижро ҳужжатига асосан жавобгар томонидан 2023 йил 14 июлда ижро иши қўзғатилган ва ижро ишини амалга ошириш имкони бўлмаганлиги сабабли 2023 йил 24 октябрда ижро варақа банкка қайтарилган ва ижро иши тамомланган.

Ижро иши иккинчи маротаба 2024 йил 12 январда қўзғатилиб, давлат ижрочисининг 2024 йил 15 февралдаги қарори билан низоли уй хатланган
ва 180 000 000 сўм қиймати билан электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқарилган.

Аммо, банкнинг хатларида қарздор 73 000 000 сўм тўлов қилганлиги
ва ижро варақани ижросиз қайтарилиши сўралганлиги сабабли 2024 йил

22 апрелда ижро варақа банкка қайтарилган ва ижро иши тамомланган.

Ижро иши учинчи марта 2024 йил 26 апрелда қўзғатилиб, 2024 йил
4 сентябрда низоли хонадон хатланган. Шунингдек, 2024 йил 15 октябрда низоли хонадон электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиб, 2024 йил 28 ноябрда фуқаро “З”га сотилган. Бунга иккинчи маротаба қўзғатилган ижро иши доирасида қабул қилинган 2024 йил 15 февралдаги қарор асос қилиб келтирилган.

Шу билан бирга, 2024 йил 21 октябрда арифметик хатоликни тўғрилаш ҳақида қарор қабул қилиниб, унда 2024 йил 15 февралдаги қарорнинг
“2024 йил 15 февраль” жумласи “2024 йил 4 сентябрь” деб ўқилиши лозимлиги кўрсатилган, лекин мазкур қарорда санадан ташқари ижро иши рақами ва ундириладиган пул миқдоридаги хатоликлар тўғриланмаган.

Бундай ҳолатда, давлат ижрочиси томонидан “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish markazi” ДУКга буюртма беришда аввал тамомланган ижро иши доирасида қабул қилинган, яъни оқибат келтириб чиқармайдиган қарор асос сифатида тақдим қилинган.

Бундан ташқари, давлат ижрочисининг ушбу қарори тарафлар
ва “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish markazi” ДУКка юборилмаган, йўл қўйилган хатоликни тузатиш мақсадида савдо вақтинча тўхтатилмаган, буюртмага ўзгартириш киритиш чоралари кўрилмаган.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан тафтиш инстанциясининг қарори бекор қилиниб, биринчи
ва апелляция инстанцияси судларининг қарорлари ўз кучида қолдирилган.

 

5-1501-2508/1004-сонли иш

 

ТИФ ТН кодлари таснифига оид қоидаларни нотўғри қўллаш моддий ҳуқуқ нормаси бузилиши ҳисобланиб, суд қарорини бекор қилишга асос бўлади.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан аризачи
“О”нинг жавобгар Божхона қўмитаси бошқармасининг 2024 йил 8 июлдаги 15/16-17/04-24-1258-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Ҳал қилув қарори апелляция инстанциясининг қарори билан бекор қилиниб, аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Тафтиш инстанцияси томонидан ҳам ушбу қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ, апелляция ва тафтиш инстанцияси судлари томонидан
низоли транспорт воситасининг техник хусусиятлари ҳамда товарни
ТИФ ТН кодлари бўйича таснифлашда қўлланилиши лозим бўлган
халқаро ва миллий қонунчилик талаблари инобатга олинмаган.

Жумладан, аризачи 1 дона “«Автомобили грузовые аварийные»,
марка HYUNDAI, модель MIGHTY 2.2T № KMFHA17GPMC 059697 кузов, об.дв. 3933см3, цвет белый, дизель, 2021 г.в. вес 4205 кг” товарни
8705 908001 ТИФ ТН коди билан таснифлаб, БЮД расмийлаштирган.

Низолашилган қарор билан эса Божхона кодекси 369-моддасига мувофиқ ушбу транспорт воситаси 8704 229209 ТИФ ТН коди билан
қайта таснифланган. Чунки, Умумжаҳон божхона ташкилотининг 2021 йил 27 апрелдаги тушунтиришига кўра, ТИФ ТН 8705 кодига “Фавқулодда вазиятлар юк машиналари” тегишли бўлиб, ушбу кодга мансуб ишлаб чиқилган ёки мослаштирилган, турли хил қурилмалар билан жиҳозланган автотранспорт воситалари киради ва бундай позициядаги транспорт воситаларининг асосий мақсади одамлар ва юкларни ташиш ҳисобланмайди.

Тушунтиришда шунингдек ТИФ ТН 8705 товар позициясига кирувчи моторли авария юк автомобиллари шассилардан кўтарувчи механизмлар билан жиҳозланган автомобиллардан иборат бўлиб, улар кранлар, домкратлар, арқонлар ёки тортув мосламалари билан жиҳозланган
ва бузилган транспорт воситаларини кўтариш ва тортиш, тортиб олиб чиқиш учун мўлжалланганлиги кўрсатилган.

Транспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб киришда божхона органларига тақдим этилган бирламчи ҳужжатлар (инвойс ва ЮЕБНК)да транспорт воситасининг ТИФ ТН коди 8704 рақам билан таснифланган бўлса-да, кейинчалик уни “эркин муомалага чиқариш” режимига расмийлаштиришда ТИФ ТН коди 8705 билан хато таснифланган.

Бундан ташқари, ўтказилган комплекс суд экспертизасининг хулосасида транспорт воситасининг юксиз оғирлиги 6 040 кг.ни ташкил этиши, у юра олмайдиган транспорт воситаларини юклаш ва ташиш вазифаларини бажариши, унинг шатакка олиш қурилмаси мавжуд эмаслиги, техник хусусиятларига кўра, автоэвакуатор ҳисобланиши ва шу сабабли махсус транспорт воситасига кириши, яъни оддий юк автомобили ҳисобланмаслиги кўрсатилган.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан апелляция ва тафтиш инстанцияси судларининг қарорлари бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

5-1001-2510/866-сонли иш

 

Низолашилаётган маъмурий ҳужжат қонунчиликка зид эканлиги билан бир қаторда аризачининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузсагина, ариза қаноатлантирилиши мумкин.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан аризачи
“А” фермер хўжалигининг туман ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги
847-сонли қарорини ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси туман филиали томонидан 2024 йил 27 майда 1727237/Y-24001387-сон билан “Б” МЧЖнинг ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси қисман қаноатлантирилиб, ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилган, давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб рад этилган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан эса ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, низолашилган қарорнинг “А” фермер хўжалигининг 0,89 га
ва “В” МЧЖнинг 0,21 га ер майдонларини туман захирасига қайтаришни ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантириш рад этилган, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Тафтиш инстанцияси
ҳам бу хулоса билан келишган.

Аниқланишича, туман ҳокимининг 2016 йил 18 майдаги 769-сонли қарори билан Ғ.га боғдорчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилиш учун туман захира ерлари таркибидан “Обод” массивидан 3,1 га ер участкаси ажратилиб, ҳокимлик билан “А” фермер хўжалиги ўрталарида 2016 йил 18 майда 61-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган.

Низолашилган қарор билан “А” фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишидаги қишлоқ хўжалиги харитасининг 401-контурида қисман жойлашган 0,89 га ҳамда “В” МЧЖнинг ижара асосида фойдаланишидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 380-контурида жойлашган 0,21 га тупроқ унумдорлик жиҳатдан 71 балл бонитетли, жами 1,1 га суғориладиган экин
ер майдонлари туман захирасига қайтариб олиниб, “Б” МЧЖга “Мебель ойнаси ва мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш цехлари” қуриш учун ажратилган.

Ушбу қарорга асосан “Б” МЧЖнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари кадастр идораси томонидан 2024 йил 27 майда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Биринчи инстанция суди низолашилган қарор қабул қилинишида аризачининг розилиги олинмаганлиги ёки ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида суднинг қарори мавжуд бўлмаганлиги сабабли уни тўлиқ ҳақиқий эмас деб топиш ва “Б” МЧЖнинг низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинганлиги сабабли аризани ушбу қисмида рад этиш ҳақида хулосага келган.

Тафтиш ва апелляция инстанцияси судлари юқоридаги хулосалар
билан қисман келишмасдан, низоли ер участкаси аризачидан туман захира
ер фондига қонуний равишда олинган, бироқ ушбу ерлар 71 балл бонитетли суғориладиган ерлар бўлганлиги сабабли учинчи шахсга ноқонуний ажратилган деган тўхтамга келиб, ҳал қилув қарорини ўзгартирган.

Ўз навбатида, низолашилган қарор қабул қилинишида фермер хўжалиги ҳамда жамият вакиллари иштирок этиб, низоли ер участкалари туман захира ер фондига қайтарилишига эътироз билдирмай, ўзларининг фойдаланишларида бўлган ер участкаларининг бир қисмидан ихтиёрий
воз кечганлар.

Бундай ҳолатда, Ер кодексининг 24 ва 36-моддаларига (низолашилган қарор қабул қилинган пайтдаги таҳрири) мувофиқ низоли ер участкаси масаласида тарафлар ўртасида келишувга эришилган бўлиб, улар ўртасида низо бўлмаганлиги сабабли апелляция инстанцияси томонидан мазкур ҳолатга тўғри ва асосли баҳо берилган.

Бироқ, низоли ер участкалари туман ҳокими қарорининг 2-бандига асосан захирага қайтарилган бўлиб, қарорнинг 3-банди билан ушбу
ер участкаси учинчи шахсга ажратилган бўлган.

Бундай ҳолатда, апелляция инстанцияси низолашилган қарорнинг
2-банди қонуний деган тўхтамга келган бир пайтда, “А” фермер хўжалигининг аризасига асосан ушбу қарор 3-бандининг қонунийлигига
баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган.

Шу сабабли, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан суд қарорлари қисман бекор қилиниб, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабни тўлиқ рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

 

5-1101-2403/1786-сонли иш

 

Ногиронлик пенсиясини олиш учун қонунда белгиланган энг кам иш стажига эга бўлиш лозим бўлган ҳолатлар инобатга олинмаганлиги суд қарорлари бекор қилинишига сабаб бўлади.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан аризачи “С”нинг жавобгар туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2025 йил 16 апрелдаги хабарномаси билан уни ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш ҳақидаги мурожаатини рад этишда ифодаланган ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. Ушбу ҳал қилув қарори апелляция ва тафтиш инстанцияларида ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, аризачи ягона давлат хизматлари интерактив портали (my.gov.uz) орқали жавобгарга мурожаат қилиб, уни ишсиз деб эътироф этишни ва ишсизлик нафақасини тайинлашни сўраган.

Жавобгарнинг 2025 йил 16 апрелдаги 184143-сонли хабарномаси билан “Аҳолининг бандлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига асосан, яъни қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эгалиги асоси билан аризачининг мурожаати рад этилган.

Аризачи 1995 йилда туғилган бўлиб, унга 2011 йилда бирламчи ногиронлик, 2020 йилда эса муддатсиз I-гуруҳ болаликдан ногиронлик белгиланганлиги сабабли у иш стажига эга эмас.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни
17-моддасининг иккинчи қисмига кўра, умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари ногиронлик бошланган пайтга қадар камида 2 йил иш стажига (аризачи мурожаат қилган пайтда 29 ёшда бўлганлиги сабабли унинг ҳолатида камида 5 йил иш стажига) эга бўлган тақдирда тайинланади.

Бундай ҳолатда, аризачига ногиронлик пенсиясини тайинлаш
учун қонуний асослар мавжуд эмас ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг хати билан аризачига ногиронлик пенсияси тайинланмаганлиги маълум қилинган.

Жавобгар, ўз навбатида, юқоридаги ҳолатларни инобатга олмаган бўлиб, низолашилган хабарномада кўрсатилган асослар “Аҳолининг бандлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасида кўрсатилган асосларга мувофиқ келмайди.

Бироқ, судлар “Аҳолининг бандлиги тўғрисида”ги Қонун
45-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъий назар) ишсиз деб эътироф этилмаслиги белгиланганлиги назарда тутилганлиги, аризачига муддатсиз болаликдан иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланганлиги сабабли у пенсия олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида нотўғри хулосага келиб, аризани рад этган.

Шу сабабли, Олий суднинг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, аризани қаноатлантириш ва жавобгар зиммасига аризачининг мурожаатини қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

 

5-2301-2505/306-сонли иш

 

 

Маъмурий ишлар бўйича

судлов ҳайъати